Термиз муҳандислик-технология институтида 2023 йил давомида маънавий-маърифий, ўқув, илмий ва молиявий йўналишларда амалга оширилган ишлар тўғрисида

ҲИСОБОТ

Ассалому алайкум, ҳурматли институт Кенгаши аъзолари, профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимлар.

 

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим” деб номланган ва якунланиб бораётган 2023 йилни институтимиз муносиб ютуқлар билан якунламоқда.

2023 йилда институт жамоаси 4 та факультет (2022 йилда 2 та),
14 та кафедрада (2022 йилда 9 та) 186 нафар (2022 йилда 157 нафар) (шундан 56 нафари илмий даражага эга) профессор-ўқитувчилар билан 7208 нафар (2022 йилда 6000 нафар) талабаларга таҳсил беришмоқда. 2023 йилда институтга 42 нафар ёш мутахассислар ишга қабул қилинган бўлиб шуларнинг 36 нафари шу йилнинг магистратурани муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳисобланади. Ишга қабул қилинган ушбу ёшларнинг 9 нафари институтимизни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳисобланади. Институтимизга ишга қабул қилишни сўраб 2023 йилда 107 нафар мутахассисларнинг мурожаат қилганликлари республикамизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир самараси деб ҳисоблайман.

Молиявий-иқтисодий йўналишда:

2023 йил институт ҳаётида қурилиш ва таъмирлаш йили бўлди айтсак тўғри бўлади. Мени институт ректори сифатида қувонтирган ҳолат бу барча ўқитувчи ва ходимларнинг олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ишларида сидқидилдан фаол иштирок этганлигидир. Ёши улуғ ўқитувчиларимиз ўз маслаҳатлари билан бизни қўллаб қувватлаб турдилар.

Лойиҳа қиймати 16,6 млрд сўм бўлган асосий биномизнинг мукаммал таъмирлаш ишлари бугунги кунда якунланиш арафасида. Таъмирлаш ишлари давомида етарли унумли фойдаланилмасдан келинаётган бино фойеси ва ошхонаси, спорт зали ҳисобига ўқув аудитория сиғими қарийб 1,5 баробарга оширилиб, 1050 ўринли бино 2688 ўринли ўқув биносига айлантирилди.

2023 йилда фойдаланилмасдан турган иситиш қозонхоналари бинолари ўқув аудиторияларига айлантирилиши ҳисобига аудитория фонди 180 ўринга оширилди.

Жорий йилда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд 429 млн (2022 йилда 749 млн) сўмлик ўқув, 578 млн (2022 йилда 190 млн) сўмлик офис мебеллари харид қилинди. Бугунги кундан ўқув аудиториялари тўлиқ янги мебеллар билан жиҳозланди. Бўлимлар, деканатлар, кафедралар ва Ахборот ресурс марказида жиҳозланиш ишлари давом этмоқда. Қишда иситиш ва ёзда совутиш учун 2023 йилда 39 та (2022 йилда 61 та ) ҳаво совутгичлари 313 млн (424 млн) сўм маблағ ҳисобига харид қилинди.

2023 йилнинг харажатлар сметасида иш ҳақи учун 37 млрд 572 млн сўм (2022 йилда 28 млрд 822 млн), стипендия учун 6 млрд 961 млн сўм (2022 йил 6 млрд 155 млн) маблағлар ажратилди.

Соатига 130 кВт (60 кВт) энергия бериш имкониятига эга бўлган қўёш панеллари ўрнатилиб, бунинг эвазига 2022 йил ноябр ойидан буён 45280 кВт энергия ҳамда 45 млн 280 минг сўм маблағ тежалишига эришилди.

Қаршиликларга қарамасдан ошхона институт ҳовлисига кўчирилиб тегишли шароитлар яратиш мақсадида 114 млн сўм маблағ ҳисобига шаффоф ойна билан овқатланиш қисми ёпилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида институтнинг
икки ҳудудида ҳам кўмирхона биноси қурилиб 169 тонна кўмир заҳираси яратилди. Шу билан биргаликда икки ҳудуддаги чиқиндихоналар жойлари ўзгартирилиб таъмирланди. 2 та кўмир билан иситишга мўлжалланган қозонхоналар 184 млн сўмга ишга туширилди.

Шу билан биргаликда электр таъминотидан узилишлар бўлишини ҳисобга олган ҳолда соатига 150 квт электр энергияси бериш имконига эга бўлган генератор қурилмаси 121 млн сўмга харид қилинди.

Лойиҳа қиймати 341 млн сўм маблағ бўлган ташқи ҳожатхона биноси қурилиши якунланиш арафасида. Талабалар турар жойи биноси учун 233 млн сўмлик мебель ва юмшоқ (2022 йилда 541 млн сўмга ҳожатхона ва ювиниш хоналари таъмирланган) жиҳозлари харид қилинди.

Академик лийей ўқувчилари турар жойи биноси учун жорий йилда 543 млн ва ошхона биноси учун 341 млн сўм маблағ ажратилиб таъмирланди. Академик лицей раҳбарияти, ўқитувчилари ва ходимларини қўллаб қувватлаш учун 430 млн (2022 йилда 291 млн) сўм ажратилди.

Энг муҳими дастур доирасида лойиҳа қиймати 36,6 млрд сўм бўлган 1000 ўринли ўқув биносининг қурилиши бошланганлиги ва бугунги кунда 5 қаватли бинонинг қурилиши режа асосида бораётганлиги барчамизни қувонтиради.

Институтнинг 10 гектар ер майдони тўлиқ боғга айлантирилиб 5100 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Шундан 2023 йилда 3050 туп мевали ва манзарали дарахтлар 21 млн сўм маблағга, 2022 йилда эса 2150 туп мевали ва манзарали дарахтлар 12 млн сўм маблағ ҳисобига экилди.

Ишчи ходимлар учун 41 млн (2022 йилда 19 млн) сўм маблағга махсус кийим-кечак харид қилинди.

Институт асосий биноси ва ҳудудидаги сув ва канализация қувурлари янгиланиши ишлари давом этмоқда.

Очиқ бюджет танлови орқали 520 млн сўм маблағ ҳисобига 30 ўринли автобус харид қилинди. Вазирлик томонидан 133 млн сўм нархдаги Ласетти русумли автомобил институтга ажратиб берилди.

40 млн сўм маблағ ҳисобига ўқув жараёнида фойдаланиш, илмий изланишлар олиб бориш ва хўжалик шартномаларини бажаришга мўлжалланган электрон тахиометр қурилмаси харид қилинди.

Ҳайдовчилик курси фаолиятини йўлга қўйиш орқали харажатлардан ташқари жорий йилда 333 млн сўм умумий (90 млн 117 минг сўм) маблағ даромад қилинди.

Интернет тармоғи ишлари институтнинг РТТМ ходимлари томонидан бажарилди. Жорий йилда 7 та компьютер (2022 йилда 44 та), 10 та (2022 йилда 23 та) принтер, 9 та проектор (2022 йилда 14 та), 4 та ( 2022 йилда 12 та) телевизорлар харид қилинди. Барча аудитория ва институт ҳудудига 87 та кузатув камералари ўрнатилиб жойлаштирилди. 76 та доскалар олиниб 1-ўқув бино аудиторияларига тўлиқ янги доскалар билан жиҳозланди.

2023 йил давомида 543 млн сўм маблағ интернет тармоғи ва ахборот технологияси воситалари учун сарфланди. 2022 йилда ушбу йўналишда сарфланган маблағлар миқдори 1 млрд 300 млн сўмни ташкил қилган. Интернет тўлови учун 143 млн (2022 йилда 119 млн) сўм маблағ сарфланган.

Талабаларнинг фанларнинг қарздорлиги учун тўланган маблағлар ҳисобидан академик лицей ўқувчилари турар жойи ва ошхона бинолари таъмирланиб лицей ўқувчилари ва институт талабалари учун шарт-шароитлар яратилди.

Умуман олганда, институтнинг 2023 йилдаги харажатлар сметаси 66 млрд 858 млн сўмни (2022 йилда 53 млрд 460 млн) ташкил этиб, 38 млрд 480 млн сўм (2022 йилда 29 млрд 296 млн) ойлик маош учун умуман олганда сметадаги маблағнинг 52% иш ҳақига ажратилган, 7 млрд сўм стипендия (2022 йилда 6 млрд 200 млн), 884 млн сўм қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун, 543 млн сўм интернет тармоғи учун, 976 млн сўм моддий техник базани ривожлантириш, 231 млн сўм хорижий ва республика миқёсидаги сафарлар, 9 млрд 620 млн сўм ижтимоий ажратма учун смета маблағнинг 15% ажратма учун ажратилган ва 565 млн сўм бошқа харажатлар учун йўналтирилди. Барча ҳаражатлар вазирлик рухсати билан тегишли йўналишларда фойдаланилди. Режалаштирилган маблағнинг 99% қисми тўлиқ ўзлаштирилди. Қолган 1% қисми бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда 2024 йилнинг биринчи чораги давомида ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

1 млрд 300 млн сўм стипендия учун ва 50 млн сўм маблағ давлат бюджетига қайтариб берилди. Бунга сабаб айрим йўналишларда давлат гранти бўйича қабул квоталарининг тўлмаганлиги ва давлат гранти асосида таҳсил олётган талабаларнинг ўз аризасига асосан ўқишни ташлаб кетиши ҳолатлари билан изоҳланади.

Берилган маълумотлар маблағларнинг асосан институт моддий техник базасини ривожлантиришга қаратилганлигини кўришимиз мумкин ва ушбу сарфланган маблағлар келгусида таълим сифатини ошириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади деган умиддаман.

Ўқув соҳасида:

27 та бакалавриат таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланаётган институтимизда ўқув жараёни 5+1 шаклда ҳафтанинг барча кунлари ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида 2 сменада ташкил қилинган.

2023/2024 ўқув йили учун фанлар каталоги ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Фанлар каталогида 415 та мажбурий ва 482 та танлов фанлар мавжуд. Жами фанлар 897 тани ташкил этади. Ўқув аудиторияларининг сиғими 3278 ўринли. 4 та факультетда 155 та гуруҳ бўлиб 2 та ўқув биносида дарс жараёнлари олиб борилмоқда.

2023 йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган 9 та дарслик, 23 та ўқув қўлланмаларга (2022 йилда 4 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма) чоп этиш учун рухсат берилган.

2023 йилда хориж (Россия Федерацияси, Қозоғистон, Финландия, Беларус, Туркия, Бангладеш, Ҳиндистон)дан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар сони 15 нафарни ( 2022 йилда 8 нафар) ташкил қилади. Таянч олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар 26 нафарни ( 2022 йилда 31 нафар) ташкил этди.

2023 йилда хорижий фондлар маблағлари ҳисобига 1 та Материаллар қаршилиги (255 млн 678 минг сўм) ўқув лабораторияси ва 1 та илмий Экология (306 млн 857 минг сўм) лабораторияси келтирилиб ўқув ва илмий соҳада қўлланилиши йўлга қўйилди. 

Институт биносида 2022 йилда 2856 метр интернет кабель локал тармоқ мавжуд бўлиб, интернет тезлиги паст ва барча бўлимларда мавжуд бўлмаган, бинода ҳар бир аудиториялар, ахборот ресурс маркази ҳамда, ишчи хизматхоналарга интернет розеткалари ўрнатилмаган эди. 2023 йилда интернет тармоғи билан таъминлаш мақсадида жами 19825 метр интернет кабели, интернет тезлигини кўтариш мақсадида 620 метр оптик толали кабель ўтказиш ишлари бажарилди институт РТТМ ходимлари томонидан бажарилди, шунингдек, интернет тезлигини 600 дан 1000 мб/с га оширилди Компьютер синфлар 3 тага етказилиш билан биргаликда 1 та онлайн вебинар ҳамда 1 та робототехника хонаси ташкил этилди, Wi-Fi ҳудудларини сонини босқичма-босқич кўпайтириб бориш ҳисобидан Wi-Fi ҳудудларини сони 15 тага етказилди.

Таълим жараёнини мультимедиа маҳсулотлари билан бойитиш мақсадида 2023 йилда 10 дона видеопроектор билан биргаликда
2 дона видеопроектор экрани харид қилиниб ўрнатилди.

2023/2024-ўқув йили бошида жами 115 дона  замонавий IP кузатув камера харид қилиб 1 та видеокузатув хонаси ташкил этилди. Бугунги кунда фаоллар зали ҳамда маърузахоналарига замонавий бўлган
3 дона Е-минбар қурилмалари ўрнатилди.

2023 йил АРМ фондига 197 номда 865 дона дарслик, 57 номда 817 дона ўқув қўлланмалар ва 66 номда 583 дона бошқа турдаги адабиётлар китоблар келтирилган. Жами атиги 6 млн сўм маблағ ҳисобига адабиётлар харид қилинган, 2022 йилда эса 27 млн сўмга адабиётлар харид қилинган. Электрон ресурслар фонди мавжуд фанлар салмоғи ҳисобида (жами фанларга нисбатан) 46,4 % ни ташкил қилади.

Институтда 27 та таълим йўналиши мавжуд бўлиб, ушбу таълим йўналишлари бўйича ўқув режага асосан танишув, малакавий, ишлаб чиқариш ҳамда битируволди амалиётлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда институт томонидан ишлаб чиқариш корхоналари билан 80 дан (2022 йилда 50 та) ортиқ ҳамкорлик шартномалари тузилган.

2022 йилда талабаларнинг амалиёти учун 79,1 млн. сўм сарфланган бўлса, 2023 йилда 117,7 млн. сўм амалиётлар учун сарфланди. Институтнинг талабаларнинг соҳа бўйича амалий билимларни янада мустаҳкамлаши ва технологик жараёнлар билан якиндан танишиш учун Тошкент вилояти Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖ га қарашли “Қолмоқир” кон бошқармаси ва Ангрен шаҳридаги “Ўзбеккўмир” АЖ га қарашли “Ангренкўмир” конида амалиётда бўлишди. Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси ва Озиқ-овқат технологияси таълим йўналишлари Фарғона ва Наманган вилоятларидаги олий таълим муассалари ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ишлаб чиқариш ва лабораториялари билан яқиндан танишди.

Институт бўйича сўнгги 3 йилда жами 1376 нафар битирувчи битирган бўлса, жорий йилда 968 нафар талаба битириши кўзда тутилган. Битирувчиларнинг ишга жойлашишини инобатга олиб иш берувчи корхона ва ташкилотлар рўйхати, географик жойлашуви, потенциал имкониятлари ҳамда маълумотлар банки яратилди. 2022 йилида 371 нафар талаба институтни битириб, 283 нафари ишга жойлашган бўлса, жорий 2023 йилда эса 611 нафар битирувчидан ҳозирга қадар 298 нафари (49%) ўз соҳалари бўйича иш ўринларига эга бўлишди.

 

Илмий соҳада:

Институтда асосий штатида жами 186 нафар (шундан илмий даражалилар сони 55 нафар) профессор-ўқитувчилар талабаларга турли фанлардан сабоқ бериб келишмоқда. 2023 йил якуни бўйича илмий салоҳият 30,4% (2022 йилда 23,1%) ни ташкил қилган.

Мазкур йилда:

илмий даража (PhD) олган профессор-ўқитувчилар сони 2023 йилда 18 нафар (2022 йилда 9 нафар);

илмий унвон олган профессор-ўқитувчилар сони 2023 йилда 5 нафар (2022 йилда 1 нафар);

таянч докторантурага қабул қилинган сони 2023 йилда 7 нафар (2022 йилда 4 нафар);

стажёр-тадқиқотчилар сони 2023 йилда 2 нафар (2022 йилда — бўлмаган);

чоп этилган монографиялар сони 2023 йилда 28 та (2022 йилда 16 та);

Scopus va Web of Science маълумотлар базаси журналларида 2023 йилда 44 та (2022 йилда 21 та) мақола чоп этилган;

халқаро журналларда мақолалар сони: 2023 йилда 226 та (2022 йилда 166 та);

2023 йилда республика журналларида мақолалар сони 182 та (2022 йилда 127 та);

халқаро ва республика анжуманларида чиқарилган тезислар сони 642 та (2022 йилда 512 та) ни ташкил этади.

Рағбатлантиришлар:

Scopus va Web of Science маълумотлар базаси журналларида чиқарилган мақолалар учун – 34,9 млн сўм (2022 йилда – 17,3 млн. сўм);

чиқарилган монографиялар учун – 23 млн сўм (2022 йилда – 17 млн сўм);

илмий фаолият бўйича рейтинг натижаларидан юқори ўрин олган профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш  учун– 50 млн сўм (2022 йилда – 40 млн сўм).

Илмий инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш:

Институт профессор-ўқитувчилар талабаларга дарс машғулотлари бериш билан бир қаторда илмий ва инновацион фаолият билан ҳам шуғулланиб келишмоқда. Ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларнинг муаммоларини ўрганиб стартап ва инновацион лойиҳаларда ҳамда шарнома асосида институтга маблағлар жалб қилмоқда. Бундан ташқари Интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда ихтиро патентлар ва маълумотлар базаси (ДГУ) гувоҳномаларига эгалик қилмоқда.

2023 йилда Интелектуал мулк агентлиги томонидан ДГУ гувоҳнома олган профессор-ўқитувчилар сони 95 нафарни ташкил этди (2022 йилда 70 нафар);

2023 йил якуни бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан олинган патентлар сони 5 та (2022 йилда 3 та);

2023 йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлар билан тузилган хўжалик шартномалар сони 69 та, тушган маблағ 148 млн сўм (2022 йилда 44 та тушган маблағ 121 млн).

Халқаро ҳамкорлик:

Институт раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг хорижий сафарлари- 2023 йилда 25 нафарни ташкил қилди (2022 йилда 14 нафар);

дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи олий таълим муассасаларида институтимиздан ўқув машғулотлари олиб борган профессор-ўқитувчилар 2023 йилда 20 нафарни ташкил қилди (2022 йилда 13 нафар);

дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи олий таълим муассасаларида стажировкага юборилган профессор-ўқитувчилар 2023 йилда 15 нафарни ташкил қилди (2022 йилда 11 нафар);

хорижий олий таълим муассасаларида халқаро конференцияларда 2023 йилда 9 нафар профессор-ўқитувчилар ва 12 нафар талабалар иштирок этган (2022 йилда 7 нафар);

ўқув машғулотларига жалб қилинган хорижий профессор-ўқитувчилар 2023 йилда 17 нафарни ташкил қилди (2022 йилда 7 нафар);

институтининг хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган ҳамкорлик меморандумлари 2023 йилда 14 та тузилди (2022 йилда 11 та);

институт раҳбар-ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг хорижий хизмат сафарлари учун институт контракт маблағлари ҳисобидан 2023 йилда 229 млн 341 минг сўм (2022 йилда 180 млн 577 минг сўм) ажратилди.

Маънавий-маърифий йўналишда:

Институтда 2023 йил декабр ҳолатига кўра таҳсил олаётган 7208 нафар талабаларнинг 3475 нафари кундузги таълим шаклида таҳсил олади. Талабаларнинг 1178 нафарини, яъни 16% қисмини қиз болалар ташкил этади.

54 нафар ногирон, 13 нафар чин етим ва 5 нафар хориж фуқаролари институмизда таҳсил олади.

Институтда маънавий-тарбиявий муҳитни шакллантириш борасида 2023 йил давомида жами 97 ( 2022 йилда 79) та оммавий тадбирларда 18560 нафар, 69 (2022 йилда 35) та спорт тадбирларида 4201 нафар, 48 ( 2022 йилда 41) та турли учрашувларда 16871 нафар, 14 (2022 йилда 10) хил мавзудаги видеороликлар танловида 301 нафар талаба-ёшлар иштирок этган.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ўтказилган “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларида спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, шахмат ва стол тенниси турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда 1600 нафарга яқин талабалар иштирок этган бўлса, “Беш муҳим ташаббус” олимпиадаларига 1200 га яқин талаба-ёшлар қамраб олинди.

Мусобақалар сўнгида ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Йил давомида 3 (2022 йилда 1 нафар) нафар талабамиз спортнинг турли соҳалари бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпионлигини қўлга киритди. 3 нафари совриндор бўлишган.

Институтда талабаларнинг бўш вақитини мазмунли ўтказиш бўйича “Чағаниён” талабалар театр студияси, “Заковат”, “ҚВЗ”, “Ёшлар клуби”, “Тафаккур синовлари” “Дебат” клуби ва турли спорт  тўгараклари фаолият юритиб келмоқда.

Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган 5235 (2022 йилда 1841 нафар) нафар талабага 2023 йил давомида 923 млн 594  минг 100 сўм (2022 йилда 266 млн 400 минг) сўм ижара пули ойлар кесимида тўлаб берилди.

2023 йил давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, фанларни аъло даражада ўзлаштирган 1023 ( 2022 йилда 886) нафар талабага 264 млн 895 минг 620 сўм (2022 йилда 235 млн 908 минг 320) сўм, маънавий-маърифий тадбирлар ва ўтказилган турли танловларда иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 275 нафар талабага 71 млн 208 минг 500 сўм ва спорт бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган 3 нафар талабамизга 16 млн 54 минг 280 ( 2022 йилда 5 млн 170 минг) сўм пул мукофотлари берилди.

Институт ёшлар иттифоқи аъзолари ташаббуси “Талабадан талабага” акцияси ўтказилиб жами 9 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга жами 22 млн 800 минг сўм тўлов контракт пуллари тўлаб берилди.

Ҳозирги кунда институтда фаолият юритаётган “Муҳандислар” спорт клубига 2023 йил учун 408 млн сўм (2022 йилда 291 млн) бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ажратилган. Ушбу ажратилган маблағлар спорт мусобақаларини ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш учун сўм 74 млн 800 минг (2022 йилда 71 млн 251 минг) маблағ сарф қилинган бўлса, спорт жиҳозларини ҳарид қилиш учун 43 млн 96 минг сўм (2022 йилда 105 млн 742 минг) маблағ сарфланган. Институт профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимларининг 162 нафари (2022 йилда 93 нафари) спорт тадбирларида иштирок этган.

“Муҳандислар” спорт клубига профессор-ўқитувчилардан 71 нафари (2022 йилда 53 нафар), кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талаба-ёшлардан 507 нафари (2022 йилда 361 нафар), сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг 159 нафари ( 2022 йилда 93 нафари) аъзо бўлишган.

Республикада ҳудудлараро ички туризмни ривожлантириш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида юртимиз бўйлаб саёҳати ва ички туризмга профессор-ўқитувчилар ва ходимлар 174 нафар (2022 йилда 92 нафар), талабалар 3542 нафар(2022 йилда 1225 нафар)ни ташкил этган.

6 нафар ёшлар масалалари, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритувчи ходимларни Давлат бошқарув академиясида малака оширишлари учун 989 минг сўмдан жами 5 млн 934 минг сўм сарфланди.

2023 йилда 26 нафар (2022 йилда 54 нафар) талабаларни институтга ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш орқали ижтимоий қўллаб қувватланди.

 

Ҳурматли ҳамкасблар, инститимизнинг жонкуяр ўқитувчилари,

Энг асосийси институтимиз жорий йилда миллий рейтингда юқори поғоналарга кўтарилишга эришди. 2022 йилда олий таълим муассасалари рейтинги натижалари бўйича 65 ўринни эгаллаган эди.

2023 йилда институт раҳбарияти ва жамоаси рейтингда балл оладиган индикаторлар бўйича жипс ҳаракатланиб кўплаб ишларни амалга оширди. Жумладан, давлат гранти битирувчиларини ўз мутахассислиги ва мутахассислигига яқин йўналишларга ишга жойлаштириш, ҳамда иш берувчи корхона ва ташкилотлардан институт битирувчиларининг амалиёт ўташи ва иш фаолиятида малака кўникмалари бўйича ижобий фикр олиш, фанларнинг ўзлаштириши каби йўналишларда самарали ҳаракатлар олиб борилиб, миллий рейтингда 76 та республикамиз олий таълим муассасалари ичида институт 43 ўринни эгаллади.

Хорижий рейтингларда тажриба ошириб репортёр мақомига эришиб боряпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб рейтингга юқори поғоналарга кўтарилишимизга ҳисса қўшаётган барча инститимиз жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Ҳурматли институтимиз ходимлари, якунланаётган йилга эътибор берсак режалаштирилган қатор ишлар амалга ошмасдан қолганлигини кўришимиз мумкин. Булар:

Ўқув-услубий йўналишда:

хорижий фондлар томонидан берилиши режалаштирилган “Гидравлика”, “Автоматика. Ишлаб чиқишни автоматлаштириш ва бошқариш”, “Автомобиль ва автомобиль хўжалиги”, “Технологик машина ва жиҳозлар” ўқув лабораторияларини вазирлик ёрдамида келтириш;

бино ва иншоотлар қурилиши; қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш таълим йўналишлари учун лаборатория хоналарини ишга тушириш;

таълим сифатини яхшилаш мақсадида “Кафедралар рейтинги” ни йўлга қўйиш ва KPI тизими орқали педагог ва ходимларнинг фаолиятлари баҳоланиб бориш;

хорижий ва республика таълим муассасалари билан алмашинув дастурлари амалга ошириш.

Маънавият ва маърифат соҳасида

институт ҳудудида ”Ёшлар боғи” барпо этиш;

талабаларни спортга жалб қилиш қамровини 75% етказиш;

“Талабалар кенгаши” фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш орқали алоҳида талабалар билан самарали ишлашни йўлга қўйиш;

Илмий йўналишда:

амалий, инновацион, фундаментал, мақсадли, ташаббускор илмий-тадқиқот ва бошқа лойиҳаларни кейинги
2023 йилда 300 млн сўмга етказиш каби вазифалар ижроси тўла амалга оширилмади. Мазкур вазифаларни келгуси йилда ижросини таъминлашда барчамиз биргаликда ҳаракатланишимиз мақсадга мувофиқ.

2024 йилда харажатлар сметаси 75 млрд сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Ушбу маблағнинг 44,6 млрд сўм (59%) иш ҳақи учун, 8 млрд (10%) стипендия учун, 12 млрд сўм (15%) ягона ижтимоий тўлов учун, 11,9 млрд сўм маблағ (16%) бошқа харажатлар, жумладан хизмат сафари, коммунал тўловлар, хўжалик ишлари, интернет, мебел жиҳозларини харид қилиш, қуёш панели, маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари, АРМ фондини бойитиш, лаборатория жиҳозлари, пайвандлаш ва чилангарлик устахоналарини ташкил этиш каби мақсадлар учун йўналтирилиши режалаштирилган.

2024 йилдаги устивор вазифалар:

Молиявий иқтисодий соҳада:

— институтнинг мавжуд бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан институтнинг турли бўлимларида самарали фаолият юритиб келаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошига устамалар белгилаш;

— KPI баҳолаш индикаторлари орқали 2024 йилдан самарали фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириб бориш механизмини йўлга қўйиш;

— институтнинг жозибадорлигини ошириб бориш;

— рақамлаштириш учун энг самарали тажрибаларни институтда жорий қилиш;

— асосий маблағларни мазмунни шакллантирувчи лаборатория жиҳозлари ва адабиётлар харид қилишга йўналтириш.

Ўқув соҳада:

-дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи олий таълим муассасаларидан ўқув жараёнига 15 нафар профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш;

-18 та институт ўқитувчиларининг дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи олий таълим муассасаларида ўқув машғулотларини олиб боришини ташкил қилиш;

-5 та ўқув лабораторияни хорижий фондлар маблағлари ҳисобига харид қилиш, институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан керакли лаборатория ускуналари харид қилиш;

-академик мобиллик алоқаларини ривожлантириш, 5 та талабани хорижга бир семестр академик мобиллик асосида хориж ОТМларида ўқишини ташкил қилиш;

— 5+1 шаклда ташкил этилиб келаётган ўқув жараёни самарадорлигини ошириш;

-ўқитувчиларнинг ўз мутахассислиги ва ўқитиш методикаси бўйича саводхонлигини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш.

Илмий соҳада:

-ҳимоя қилинадиган фалсафа доктори диссертациялар сонини 16 нафарга, докторлик диссертациялар сонини 6 нафарга, илмий унвон оладиганларни 10 нафарга, танянч докторантлар сони 17 нафарга, ихтиро патентлар сонини 10 тага, хўжалик шартномалар асосида тушумларни 500 млн сўмга етказиш;

         -2024 йилда Scopus базасига кирадиган халқаро анжуман ўтказиш орқали 100 та илмий мақола чоп этиш;

-хорижга малака ошириш ва стажировкага 20 нафар ходимларни юбориш;

— бюджетдан ташқари институтга пул тушумлари миқдорини ошириш;

-дунёнинг 1000 талигига кирадиган олий таълим муассасаларида илмий педогогик кадрларни тайёрлашни институт маблағлари ҳисобидан йўлга қўйиш;

-илмий изланишлар олиб бораётган институтимиз ходимларини қўллаб қувватлаш.

Маънавий-маърифий соҳада:

-маънавий-маърифий ва спорт тадбирларига иштирок этувчи талабалар қамровини 46% дан 65% етказиш. Қамров+сифат+натижа бирлигига эришиш;

-институт ҳудудини жиноятдан холи ҳудудга айлантириш;

-ижтимоий ҳимояга муҳтож ва алоҳида иқтидорли талабаларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш даражасини ошириб бориш, талабаларни мақсадли тайёрлаб бориш тизимини жорий қилиш;

-алоҳида иқтидорга эга бўлган, юқори натижаларга эришган фаол ходимлар ва талабаларни қуллаб қувватлаш мақсадида республикамиз ичида сайёҳат қилишини ва дам олишини ташкил қилиш;

-манфаатлар тўқнашуви принциплари ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан унумли фойдаланилган ҳолда институтда барқарор, соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириб бориш;

-профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимларнинг меҳнат самарадорлигини ошириш учун тегишли шарт-шароитлар яратиб бориш баробарида кўрсатилаётган таълим хизматларини сифатини ошириб бориш юзасидан илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиб бориш.

Албатта юқоридаги вазифаларни амалга оширишда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фаолиятимизни қайтадан кўздан кечириб, янги ташаббуслар, яхши ниятлар билан 2024 йилнинг илк кунларидан ишларимизни бошласак ўйлайманки мақсадимизга етамиз.

Фурсатдан фойдаланиб Сизларни ва сизлар орқали барча оила аъзоларингизни кириб келаётган янги 2024 йил билан табриклайман.

Барчамизга кириб келаётган янги йил хайрли бўлсин.